|

Райҳон бу – соҳир овоз. Райҳон бу – нафис куй. Райҳон бу – МУҲАББАТ!!! Азиз муштарийлар, талаб ва истакларингизга биноан эстрадамизнинг энг назокатли ва соҳибжамол хонандаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон ўаниева билан суҳбат уюштирдик. Суҳбатимиз биз кутгандан-да қизиқ ва самимий кечди.
- Райҳон, эшитишимча, журналистлардан хафа экансиз. Шу гап ростми? - Ҳа, хафаман. Сабаби, бир журналист мен ҳақимда газетада мутлақо ёлғон гапларни ёзиб чиқди, менга туҳмат қилди. Тўғриси, «энди умуман интервью бермайман», деган тўхтамга ҳам келиб бўлгандим. Лекин сўраб-суриштирганимиздан сўнг, мендан интервью олган ўша одамнинг аслида журналист эмаслиги маълум бўлди. Матбуот соҳасида ўз ишининг устаси бўлган профессионал журналистлар борлиги учун ҳам, хафагарчиликни йиғиштириб, мана бугун сиз билан учрашиб турибман. - Яқинда бир санъаткор билан суҳбатлашганимда, ўз вақтида ҳатто устоз санъаткорларимиз ҳақида ҳам бунчалик ёзишмагани ҳақида айтиб қолди. Унинг гапларига қараганда, ўша вақтда журналистлар ҳозиргига нисбатан санъаткорларга камроқ «таҳдид» қилишган… - Бу фикрга юз фоиз қўшиламан! Биласизми, яқин йилларгача биз санъаткорлар журналистлар билан дўст эдик. Ҳозир эса улар гўё терговчига айланиб қолишган. Шундай журналистлар борки, айтган гапларимизни эмас, балки шов-шувлироқ бирон-бир хабарни бизнинг номимиздан ёзиб қўйиб, «сенсация» қилишга интиладилар. Эмишки, мен пластик операция қилдирганмишман. Бу маълумотнинг исботи тариқасида эса расмимни қисмларга бўлиб, қаеримни қачон операция қилдирганимгача белгилаб кўрсатиб қўйишган. Бундай бўҳтонлар кимга керак?! Ахир умримда пластик операция қилдирмаганман! Менинг ҳам оилам, қариндошларим бор, улар нима деб ўйлашлари мумкин?! Майли, агар шу гапларда сал бўлса-да жон бор бўлганида, бунчалар куйинмасдим. «Рост гапни ёзишибди-да», деб қўл силтардим... Мана шундай дилхираликлар туфайли ҳам журналистлар билан учрашишдан безиб қолганман. Худога шукр, мухлисларим мени яхши билишади ва мен улар бундай «миш-миш»ларга эътибор беришмаслигига ишонаман. - Мухлисларингиз учун шу кунларда қандай янгиликлар тайёрлаяпсиз? - Яқинда янги альбом устида иш бошладик. Ҳозирча бир нечта қўшиқларимиз тайёр. Альбомга номни сал кейинроқ танлашга қарор қилганмиз. Янги альбомга киритиладиган баъзи қўшиқлар матни истеъдодли ёш шоир Шоҳрух Жўраев қаламига мансуб. Шунингдек, анъанага содиқ қолган ҳолда севимли шоирам Раъно Ярашеванинг янги ижод намуналаридан фойдаланиш ниятим бор. Чунки Раъно опанинг шеърлари ижодим руҳиятига жуда мос. - Ўзингиз ҳам шеър ёзишга уриниб кўрганмисиз? - Ҳа. «Доимо» қўшиғим мусиқаси тайёр бўлгач, дўстларим билан унга шеър ёзишга уриниб кўрганмиз. Ўшанда жуда қийналганман. Шоирлик қобилиятини инсонга фақат Оллоҳ инъом этиши мумкин. Агар истеъдод бўлмаса, минг уринган билан бекор. Бирон-бир қўшиғимнинг мусиқасини ёзиб бўлганимдан кейин «менга фалон мавзуда шеър керак», деб буюртма берар эдим. «Доимо» қўшиғим менга шоирларга қанчалик осон эмаслигини кўрсатиб берди десам ҳам бўлади. - Юқорида янги альбом ҳақида гап очдингиз. Концертдан сўнг дам олиш ўрнига дарҳол ишга киришиб кетибсиз. Бундай темпда ишлаш сиз учун оғир эмасми? - Илҳом кутилмаганда келиши мумкин. Кейин, тўғрисини айтсам, ишсиз қолсам, ўзимни ёмон ҳис қила бошлайман. Бу нарса ёшимга ҳам бевосита алоқадор бўлса керак. Ахир ёшлар қайноқ, меҳнатсевар бўлишади. Қолаверса, қилаётган ишим ўзимга жуда ёқади. Мусиқа ёзишни севаман. - Ишга кўмилиб турган бир пайтда гўзал бўлиб қолишни ҳар ким ҳам эплай олмайди… - Ҳар доим гўзал бўлиб қолиш қийин, албатта. Чунки баъзан ўзингизга қарашга ҳафсалангиз бўлмаса, баъзида соғлигингиз жойида эмаслиги туфайли пардоз-андоз қилиш кўнглингизга ботмайди. Санъаткор халқи, айниқса, аёл хонандалар ўзларига қараб юришлари шарт. Чунки мухлислари улардан ўрнак олишга ҳаракат қилишади. Шу боис доим «форма»мни сақлаб қолишга, мухлисларим тасаввуридаги «идеал Райҳон» бўлишга қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Лекин уй шароитида юз-кўзимни парваришлаш учун ҳеч қандай муолажа қилмайман. Бу масалани ҳар доим косметолог ҳузурига бориб ҳал қиламан. Фитнесс билан шуғулланаман… - Клип суратга олиниши жараёнида рўй берган қизиқарли воқеани эслай оласизми? - Кадр ортидаги гапларни айтиш тўғрими-нотўғрилигини билмадим-у… Ҳа майли, айта қолай. Охирги саундтрекимизни суратга олаётганимизда клипда либосим шамолда ҳилпираб туриши керак эди. «Ҳилпираш»ни кўрсатиб бериш учун кўйлагимни ҳар томонидан ип билан устунчаларга боғлаб қўйишимизга тўғри келган. Тўғри, кадрда бу нарса жуда чиройли чиқди, лекин ҳақиқатда эса… - Айтганча, нима учун кинода суратга тушмай қўйдингиз? - Бу борада бир сирни ошкор қилишим мумкин: яқинда мусиқий комедияда суратга тушдим. Картина Мустақиллик байрами арафасида экранларда намойиш этилади. Лекин узр, номини ошкор қилолмайман, чунки фильм ижодкорлари сир сақлашимни илтимос қилишган. Бу картинада бош ролни ижро этмаган бўлсам-да, унда иштирок этган жамоа билан бирга ишлаганимдан бениҳоя мамнунман. - Сардор Раҳимхон билан дуэт куйлаётган экансиз? - (Ажабланиб) Бу ҳақда тўғриси, биринчи сиздан эшитиб турибман. Тўғри, бирга қўшиқ айтиш ҳақида музокара бўлган, лекин ҳали аниқ бир тўхтамга келингани йўқ. Сардор интилувчан, меҳнаткаш, ўз устида ишлайдиган хонанда, унинг ижодини ҳурмат қиламан. - Шахсий ҳаётингизда нима янгиликлар? - … - Қизиқувчилардан чарчадингизми? - Ҳа, чунки бу нарса нотўғри. Марҳамат, ижодим, янгиликларим, қўшиқларимнинг сифати, яхши-ёмон томонлари ҳақида истаганча қизиқишсин. Мен барча саволларга жавоб беришга тайёрман. Лекин шахсий ҳаётимга аралашиш, тўғриси, бундай нарсалар жонимга тегиб кетган. - Турмушга чиқмай карьера қилиш осон деб ўйлайсизми? - Йўқ, нега энди? Менимча, аксинча. Чунки сиз ҳар дақиқада суянишингиз мумкин бўлган инсон ёнингизда бўлади. Қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтиш ҳам осон. - Шоу-бизнесдаги стратегиянгиз? - Ишлаш, ишлаш ва яна ишлаш! Бир фортепианочининг машҳур ибораси бор: «Агар сиз бир жойда тўхтаб қолсангиз, ҳақиқатда икки қадам ортга чекинаётган бўласиз». Шу боис, ҳеч қачон бир жойда қотиб қолмасликка ҳаракат қиламан, янгиликлар сари интиламан. - Демак, муваффақиятингиз сири меҳнатда? - Албатта. Мен меҳнат қилишдан, ўз устимда ишлашдан ҳеч қачон қочмаганман. Ҳар бир янги қўшиғим олдингисидан яхшироқ чиқишига ҳаракат қиламан. Кейин муваффақиятга фақатгина меҳнаткашлигингиз туфайли эмас, балки сизга бу имкониятни раво кўрган Оллоҳ туфайли эришасиз. Омаднинг ҳам ўзига яраша ўрни бор. Асосийси, битта қўшиқ ёзгач, бориб диванга чўзилиб ётиб олишнинг кераги йўқ. Чунки бу билан ўз оёғингизга болта урган бўласиз. Ўз қилган ишидан қониқиш – карьерага нуқта қўйиш дегани. - Танқидга муносабатингиз? - Агар у тўғри бўлса, келажакда ўша хатоларимни такрорламасликка ҳаракат қиламан. Шунчаки кўролмасликдан танқид қиладиганлар ҳам кўп, бундай ҳолатларни беэътибор бўлиб енгиб ўтаман. - Фаолиятингиз давомида рўй берган энг эсда қоларли воқеа? - …Энди хонандаликни бошлаган пайтларим. Кўча-кўйга чиқсам ҳам «одамлар қўшиқларимни қандай қабул қилишяпти, уларга ёқяптими-йўқми», деган хавотир менга тинчлик бермайди. Бир кун йўлда кетаётсам, орқамдан «Ана, ана Райҳон», деб гапиришаётгани эшитилди. Нафасим ичимга тушиб кетди. Хаёлимга биринчи келгани «Танишди!» деган фикр бўлди. Яна икки қадам босишга улгурдим ё йўқ, ортимдан «Азоблайсан, азоблайсан», деб куйлай бошлашди. Ишонасизми, қувонганимдан сакраб кетай деганман. Лекин ўзимни мажбуран қўлга олиб, гўё ҳеч нарса эшитмагандай йўлда давом этганман. - Кейинги пайтларда роса оммалашган «Орзуингга ишон» номли таронангиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз? - Бу қўшиқда «жуда-жуда қаттиқ орзу қилган инсон албатта ўз орзусига етишади» деган маъно бор. Мақсадим ҳам инсонларни ўз орзусига ишонтириш эди ва бу нарсани уларга мана шу қўшиғим орқали етказдим. Ўз навбатида мен ҳам орзуга ишонаман. Лекин билмадим, иримчи бўлганим учунми, нималарни орзу қилишим ҳақида очиқ айтишни хоҳламайман. - Келажакда шунчаки янги қўшиқлардан эмас, балки синовлардан ўтган, мухлислар қалбидан чуқур жой олган кучли тароналардан иборат альбом чиқариш ниятингиз борми? - Ростини айтсам, хаёлимга келмаган гапни айтдингиз. Fоя менга жуда ёқди, раҳмат. Бу нарсани албатта ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қиламан. - 20 йилдан кейин ўзингизни қандай тасаввур қиласиз? - Келажакка назар солишни ёмон кўраман. Эртага нима бўлишини Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шу боис ҳозирча фақат меҳнат қиламан, изланаман ва тақдиримни Яратганнинг измига топшираман. - Райҳон тасаввуридаги идеал ўзбек аёли? - Ораста, гўзал, дидли, тадбиркор, қўли гул пазанда, ҳам меҳрибон, ҳам ўз қадрини биладиган, турмуш ўртоғига итоаткор. Яна… ҳар томонлама етук, ўқимишли, дунёқараши кенг… Хуллас, «идеал»! - Тўйингизни қандай тасаввур қиласиз? - Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Энг муҳими, мен учун қадрли инсонлар, яқинларим ўша куни ёнимда бўлишсин. Қаерда ўтиши, қанча одам келиши эса аҳамиятли эмас. - Тилакларингиз? - Ҳамма ўз орзусига, тақдирга, Оллоҳга ишонишини хоҳлайман. Одамлар бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлсинлар. Севсинлар, севилсинлар! Ишонч барҳаёт бўлсин! Ma'lumot www.7x7.uz saytidan olingan. |
Izohlar
Rayhonaning bogi dil o'RTOQ.
Rayhonaning tarifi cheksiz.
Rayhonaning ertasi nur BAXT.
Rayhonaning so'ZI MUHABBAT.
TERMEZ shahri. Fikr bildirish